Ўзбекистонликлар хорижий автомобилларга қанча пул сарфлагани маълум бўлди

21.05.2019 | Ўзбекистон | 5072

Жорий йилнинг дастлабки тўрт ойи давомида енгил автомобиллар импорти 136,8 млн доллардан ошди. Бу Давлат статистика қўмитаси эълон қилган маълумотларда келтириб ўтилган.

Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 2,1 баравар кўп. Таққослаш учун: 2018 йил давомида енгил автомобиллар импорти 319 миллион долларни ташкил этганди.

Январь-март ойларида мамлакатга 106,4 млн долларлик автомобиллар импорт қилинганди, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 2,2 баравар кўп эди. 

Чет эл автомобиллари импортининг ўсиши айнан январь ойида қимматбаҳо хорижий машиналарни олиб кириш енгиллаштирилгани билан боғлиқ. Агар автомобиль 40 минг доллар ёки ундан қимматроқ турса ва ишлаб чиқарилган санасидан икки йил ўтмаган бўлса, унда унга ноль ставкали бож ва 20% акциз солиғи қўлланилади.