Дональд Трамп Green Card лотереясини тўхтатиш режасини эълон қилди

18.05.2019 | Жаҳон | 6046

АҚШ президенти Дональд Трамп ўз маъмуриятининг янги миграция сиëсатини тақдим қилди. Лойиҳада АҚШга қонуний мигрантларни қабул қилишда уларнинг америкадагилар билан қариндошлик алоқалари эмас¸ балки профессионал савиясини асосий мезон қилиш кўзда тутилган.

Ҳозирда АҚШ га келаëтган қонуний муҳожирларнинг 66 фоизи ўз яқин қариндошларининг Америкада яшаëтгани¸ бор-йўқ 12 фоизи меҳнат шартномаси ва профессионал квалификация асосида миграция визаси олмоқда.

Трамп таклиф қилаëтган режага мувофиқ¸ юқори малакали мутахассисларнинг АҚШ га қонуний кўчиб келиши учун бериладиган квота беш бараварга ошади.

Трампга кўра¸ АҚШ қолган давлатлардан ëш¸ яхши ўқиган ва инглиз тилини яхши биладиган малакали кадрларни қабул қилиши лозим.

Бундай мезонлар асосида миграция визаси бериш тизими Австралия¸ Канада ва Янги Зеландияда жорий қилинган.

Трамп лойиҳаси шунингдек АҚШда қонуний яшаш ва ишлаш ҳаққини берувчи Green Card лотереясини ҳам бекор қилишни кўзда тутади.

1991 йилдан бери ўйналаëтган бу лотерея асосида йилига 50 минг хорижлик АҚШга кўчиб келмоқда. Трамп Green Card ўрнига ўз соҳасида фавқулодда муваффақиятга эришганлар учун алоҳида дастур очишни таклиф қилмоқда.

Янги режанинг амалга кўчиши учун у мухолиф демократлар назоратидаги Конгресс тасдиғидан ўтиши керак. Аммо етакчи демократлар бу режанинг «туғилибоқ ўлгани»ни айтмоқдалар.