Собиқ давлат котиби Ўзбекистон олтинлари сақланаётган давлатлар номларини ошкор қилди

16.05.2019 | Иқтисод | 8923

Мустақил Ўзбекистон тарихида биринчи ва сўнгги (ягона) Давлат котиби Раҳим Ражабович ЎзАга берган интервьюсида мустақилликнинг илк йилларида Ўзбекистондан қазиб олинган олтин миқдори, у сақланаётган давлатлар номлари ва шу каби баъзи сирларни ошкор қилди.

– Бир воқеани айтай. Мустақиликка эндигина бир ярим-икки йил чамаси бўлган эди. Мен Зарафшонга бордим: 10 ойда 10-15 тонна олтин кам қазиб олинган экан. Улар (яъни кон раҳбарлари) “отдан тушсаям, эгардан тушмаган” вақтлар. Бизга бўйсунмаслик ҳолатлариям бор эди, ҳаммаси саботаж қилувчи, қулоқлари ана у ёққа (Москва томонга) қараган эди. Шулар билан масалани қаттиқ муҳокама қилдик. Мен “Олтин бизники, у аввал бизнинг хазинага тушади. Шундоқ бўлгач, унинг ҳисоб-китобини ҳам тўғрилаб қўйинглар. Агар сизлар – биз кетиб, ўзбеклар олтинни қандай қилиб қазиб олади, конларни қандоқ ишлатади, десангиз, адашасиз. У чиримайди. Қачон қазиб олишга қурбимиз етса, ўз кадрларимиз етишиб чиқса – қазиб оламиз. Унга қадар ер остида ётаверади”, дея қатъий айтганман.

– Бошланиш даврларида йилига 50-60 тонна олинарди. Ҳозир 2-3 марта кўпайиб кетган. У пайтда биттагина завод, яъни “ГМЗ-1” бор эди, ҳозир шунақа заводдан учтаси ишлайди. 

– Шундай сирлар борки, уни 20 йилда, баъзиларини эса 25 йилда очиш мумкин. Уларни вақтидан олдин гапириб қўйиш – қонун олдида жавобгарлик. Тўғри, биламан, лекин уларни ошкор этиш вақти келгани йўқ. Бир нарсани айта оламанки, Ўзбекистон олтинлари – Англияда ҳам, Швейцарияда ҳам, ҳатто Америка банкларида ҳам бор...