Айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди

11.05.2019 | Ўзбекистон | 4868

Баъзи давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун 2019 йил 10 май куни президент томонидан имзоланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.

Меҳнат кодексига ҳамда «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида"ги қонунга киритилган қўшимчаларга мувофиқ, Олий Мажлис депутатлари ва сенаторларининг ваколати тугаганидан сўнг уларни ишга жойлаштириш кафолатлари белгиланди.

«Судлар тўғрисида"ги қонунга Олий суд Пленуми томонидан Олий суд раисининг муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг конституцияга мувофиқлиги тўғрисида Конституциявий судга киритган тақдимномасини кўриб чиқишига оид қўшимча киритилди.

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Унга мувофиқ, эндиликда истироҳат боғларининг аттракционларидан фойдаланишда қонун ҳужжатлари ва техник норматив ҳужжатлар талабларини бузиш:

фуқароларга энг кам иш ҳақининг 3 бараваридан (608 минг 190 сўмдан) 5 бараваригача (1 млн 13 минг 650 сўмгача);

мансабдор шахсларга эса — 5 бараваридан (1 млн 13 минг 650 сўмдан) 10 бараваригача (2 млн 27 минг 300 сўмгача) жарима солишга сабаб бўлади.