Қашқадарёда чақирувга маст ҳолда борган шифокор ишдан бўшатилди (видео)

01.05.2019 | Тиббиёт | 5182

30 апрель куни ижтимоий тармоқлар орқали чақирувга маст ҳолатда боргани акс этган видео тарқалди. «Дарё» нашри ушбу ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати билан боғланди.

Ушбу ҳолат Қашқадарё вилояти Муборак тумани Қора-қум қишлоғида кузатилган.

28 апрель куни 9 ёшли беморга ёрдам кўрсатиш мақсадида Қиёт қишлоғидан соат 22:30 да чақирилган тез ёрдам хизмати машинаси роса бир соат деганда етиб келади. Бунинг устига шифокор оёқда тура олмайдиган даражада маст ҳолатда бўлади.

Беморнинг яқинлари шифокордан болани тиббий кўрикдан ўтказмасдан кетишни талаб қилади.

Ушбу воқеа вазирликнинг етакчи мутахассислари назоратига олинган. Айни шу шифокорга аввал касб этикасига риоя этмаганлиги туфайли турли чоралар кўрилгани аниқланган. Видеодаги ҳолат туфайли шифокор Эшмамат Ботиров билан меҳнат шартномаси бекор қилиниб, у ўз вазифасидан четлатилган.

Шунингдек, Муборак туман тиббииёт бирлашмаси бош шифокори О.Насимовга ҳам «жарима» интизомий жазоси қўлланилган.