Швейцария суди Гулнора Каримова иши бўйича иккита муҳим қарор қабул қилди

28.04.2019 | Ўзбекистон | 6337

Швейцария федерал жиноят суди Тошкентдаги жазони ижро этиш колонияларидан бирида жазо ўтаётган Гулнора Каримова иши бўйича иккита муҳим қарор қабул қилди. Бу ҳақда «Наша газета» маълум қилди, дея хабар беради «Kun.uz».

Нашрнинг Le Temps газетасига таяниб ёзишича, федерал жиноят суди (TPF) қарорларидан бирига кўра, уч дона суперкарнинг сотуви бекор қилинади.

Умумий нархи 1 миллион швейцар франкидан ошиқроқ бўлган Mercedes-Benz SLR2DR, Bentley Arnage ва Range Rover Спорт V8 автомашиналари Гулнора Каримова томонидан 2009 йилда 18,2 миллион франк эвазига харид қилинган Колоньядаги ҳовли ҳудудида қолади.  TPF’нинг қайд этишича, автомашина калитлари 2013 йилда мусодара қилинган, бироқ ўтган йиллар давомида прокуратура (MRC) уларнинг тақдири билан қизиқмаган.

Суднинг иккинчи қарори эса бу иш билан кўп йиллардан буён шуғулланаётган прокурор Патрик Ламоннинг 2018 йилнинг сентябрида Ўзбекистонга норасмий ташрифи боис алмаштирилиши билан боғлиқ. Тошкентга у конфедерация бош прокурори Микаэл Лаубер ва MRC’нинг бошқа ходимлари билан бирга борган. Гулнора Каримованинг адвокатлари мазкур ташриф борасида тайинли тушунтириш ололмаган ва уни шубҳали деб топишга эришган. Натижада ишнинг боришига бевосита таъсир ўтказиши мумкин бўлган Патрик Ламон энди бошқа ишни тергов қилиш билан шуғулланади.

Ўз навбатида, прокуратура Тошкентга ташрифдан мақсад тергов давомида ўзаро ёрдам кўрсатиш шартларини аниқлаштириб олишдан иборат бўлганини таъкидлаган. TPF’нинг хулосасига кўра, тергов бошлиғининг сафари унинг ишида фойдали бўлиши мумкин бўлган, бироқ у Швейцарияга қайтганидан сўнг ишда янги маълумотлар пайдо бўлмаган.

Музлатилган юз миллионлаб франклар эса беркитилган ҳисоб рақамларида қолишда давом этади. Tribune de Geneve нашрининг ёзишича, ўтган йилнинг июлида Гулнора Каримованинг адвокати Грегуар Манжа Конфедерация прокуратурасига Гулнора Каримованинг ҳимояси билан боғлиқ турли харажатларни қоплаш учун 500 миллион франкни блокировкадан халос этишни сўраган.

MRC рад жавоб берган ва буни тергов натижаларига кўра музлатилган бу пуллар жиноий йўллар билан қўлга киритилгани эҳтимоли юқори эканлиги билан тушунтирган.