Uz-Daewoo'нинг собиқ раҳбарлари Россияда жавобгарликка тортилиши мумкин

23.04.2019 | Жаҳон | 5033

Айни дамда банкротлик ва ёпилиш жараёнида бўлган “Уздэуавто-Воронеж” ЁАЖ  дистрибюторлик компанияси устидан Россиянинг Воронеж Арибитраж судига ариза келиб тушди, деб хабар қилмоқда “Коммерсант” нашри.

Ушбу ариза “Уздэуавто-Воронеж” ЁАЖнинг собиқ раҳбарияти - Юрий Кан, Хасанбек Музаффаров ва Игор Давыдовлар ва уларни назорат қилган бошқа шахсларни субсидиар жавобгарликка тортиш ҳақида бўлиб, у “Финансовый консультант №1” МЧЖ томонидан берилган.

Аризага кўра, қарзлар учун жавобгарликка компаниянинг Ўзбекистондаг бош тузилмалари “Дженерал Моторс Узбекистан”, “Ўзавтосаноат” АЖ ва “AVTOSANOAT INVEST” МЧЖларни ҳам жалб қилиниши мумкин. Молиявий жавобгарликнинг аниқ миқдори ҳозирча белигиланмаган.

“Коммерсант” хабар қилишига кўра, банкрот деб эълон қилинган компания устидан кузатув 2017 йилнинг апрель ойида ўрнатилган. Компания кредиторлари умумий ҳисобда 18 миллиард рубл талаб қилмоқда.

Март ойининг бошида, Воронеж арбитраж суди Тоҳиржон Жалиловни мавжуд бўлган 854 миллион рубл қарзлари учун банкрот деб эълон қилган эди.