Гулнора Каримованинг Швейцариядаги адвокати ўзбекистонлик адвокатларни «индамас» адвокатлар деб атади

09.04.2019 | Ўзбекистон | 5160

Гулнора Каримованинг Швейцариядаги адвокати Грегуар Манжа 5 апрель куни Twitter саҳифасида ўзбекистонлик адвокатлар ишига муносабатини билдирди, деб ёзмоқда Дарё.

– 2016 йил декабрида Гулнора Каримова билан учрашишимга биринчи марта рухсат берилганди. Тошкентда икки кунлик эшитувлар бўлиб ўтди. Эшитувлар 20 соатдан кўпроқ давом этди. Мижозимга тайинланган икки ўзбек адвокатидан бирортаси бу икки кун давомида оғиз очиб бир сўз демади. Индамас адвокатлар. Босим остида. “Aдолатсиз адолат”, – деб ёзган швейцариялик адвокат.

1 апрель куни Зангиотадаги 21-аёллар колониясида Гулнора Каримова билан учрашгани ҳақида Twitter саҳифасида ёзган Грегуар Манжа 3 апрель куни Ўзбекистон ҳукуматидан ўз мижозига берилган жазо муддатига ойдинлик киритишни сўраган.

“Бир неча ойдан бери биз Ўзбекистон расмийларидан Каримовага берилган қамоқ жазосининг қачон бошланиб, қачон тугашини тушунтириб беришни сўраяпмиз. Одам ўғирлашми бу? Ҳозиргача жавоб йўқ”, деб ёзади Грегуар Манжа.

Аввалроқ, Бош прокуратура Гулнора Каримова жазони ўташ колониясига қайтарилгани ҳақида хабар қилган эди.