Мурод Хонтўраев: «Мени ҳеч ким пичоқлагани йўқ»

27.03.2019 | Спорт | 4920

Бугун интернетда аралаш яккакурашлар жангчиси, ўзбекистонлик Мурод Хонтўраевга яна пичоқ билан ҳужум қилишгани тўғрисида хабарлар тарқалди.

ОАВ хабарига кўра, ҳодиса бугун, 27 март куни Тошкентда содир бўлган.

Хабарларда Хонтўраев ўзининг яқинларидан бири билан гап талашиб қолган. Натижада можаронинг иккинчи иштирокчиси Мурод Хонтўраевга пичоқ билан ҳужум қилган. Хонтўраевга тиббий ёрдам кўрсатилган. Унинг жароҳати у қадар жиддий эмаслиги айтилган.

Мурод Хонтўраев бу хабарларга ўз муносабатини билдирди. У Instagram᾽даги саҳифасида жонли эфирга чиқиб, мухлислари саволларига жавоб қайтарди ва соппа-соғлиги, ҳеч қандай пичоқбозлик бўлмагани айтди.

“Мени ҳеч ким пичоқлагани йўқ. Соппа-соғман. Жангга апрель ойидан тайёргарлик кўрамиз”, - деди Мурод Хонтўраев жонли эфир давомида.

Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати ҳам Мурод Хонтўраевнинг пичоқлангани ҳақидаги хабарларни рад этган.