Дональд Трамп Шавкат Мирзиёевга табрик йўллади

23.03.2019 | Жаҳон | 4741

АҚШ президенти Дональд Трамп Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёевга Наврўз айёми муносабати билан табрик телеграммасини йўллади.

"Муҳтарам Президент Жаноблари!

Наврўз Сизга, оилангизга ва Ўзбекистон халқига шодлик ва фаровонлик олиб келишини тилайман. Ушбу ажойиб байрам муносабати билан кўплаб америкаликлар ҳамда дунёдаги бошқа халқлар янгиланиш ва уйғониш айёмини биргаликда нишонладилар. 
Ўтган йил май ойида Сиз билан бўлиб ўтган учрашув менга катта мамнуният бағишлади, Сиз амалга ошираётган ислоҳотлар суръати мени ғоят хурсанд қилмоқда.

Америка халқи ва ишбилармон доиралари Ўзбекистон билан ҳамкорлик учун янги имкониятлар очишда давом этмоқда. Биз Афғонистонда барқарор тараққиёт ва тинчликка эришишнинг тарафдори бўлган пайтда Сизнинг Шимолий йўлак масаласида қўллаб-қувватлашингизни қадрлайман. Наврўз муборак!", - дейилган табрик матнида.