Ўзбекистондан Қозоғистонга анор олиб кириш бўйича қўйилган тақиқ олиб ташланди

14.03.2019 | Ўзбекистон | 4455

Остона шаҳрида “Ўздавкарантин” инспекцияси бошлиғи И. Эргашев билан Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Г.Исаев ўртасида учрашув ўтказилди. Бу ҳақда Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, учрашувда анор импортига қўйилган чекловни бекор қилиш, шунингдек, карантин остидаги маҳсулотларнинг фитосанитар ҳолати, икки мамлакат карантин хизматлари ўртасида экспорт ва импорт қилинаётган мева-сабзавотларни фитосанитар кўрикдан ўтказишда ҳамкорликдаги назоратни янада кучайтириш сингари масалалар муҳокама қилинди.

“Музокаралар якунида Қозоғистонга Ўзбекистондан анор олиб кириш учун ўрнатилган вақтинча тақиқ 14 мартдан олиб ташланишига эришилди”, - дейилади хабарда.

Бугундан эътиборан экспортчи тадбиркорлар Қозоғистонга анорни фитосанитар назоратдан ўтказиб, экспорт қилишлари мумкин.

Эслати ўтамиз, Қозоғистон карантин хизмати 20 февралдан Ўзбекистондан анор олиб киришни вақтинча тақиқлаган эди.