Мираброр Усмонов оғир аҳволда шифохонага ётқизилди

14.03.2019 | Ўзбекистон | 5227

71 ёшли Мираброр Усмонов 12 март куни реанимация бўлимига ётқизилган. Бунга ўпка ва нафас йўллари билан боғлиқ хасталик сабаб бўлган, деб хабар қилади соғлиқни сақлаш тизимидаги манбага таяниб «Дарё».

Маълум қилишларича, унинг аҳволи оғир, шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қолиш учун кураш олиб бормоқда. 

Мираброр Усмонов 1990-1992 йилларда Ўзбекистон савдо вазири, 1992-1994 йилларда «Ўзбексавдо» раиси, 1994-2005 йилларда бош вазир ўринбосари сифатида ишлаган. 2005 йилдан буён Сенат аъзоси ҳисобланади.

2006-2017 йилларда Ўзбекистон Футбол Федерациясига президентлик, 2013-2017 йилларда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига раислик қилган.