4 ва 2 ёшли фарзандларини белкурак билан урган отага суд ҳукми ўқилди

22.02.2019 | Жамият | 4979

Ижтимоий тармоқлар ҳамда телевидение орқали Навоий вилояти Хатирчи туманида эр-хотин жанжали туфайли ота ўзининг икки норасида фарзандини белкурак билан уриб, уларга оғир тан жароҳати етказганлиги ҳақида хабар ва лавҳалар тарқалган эди.

Воқеага ойдинлик киритадиган бўлсак, А. Болиев (исм ва фамилиялар ўзгартирилган) 2018 йил 29 октябрь куни соат 18:30 ларда уйига келиб, турмуш ўртоғи С. Жумаева билан отаси И. Болиев ўзаро гап талашаётганини кўриб, турмуш ўртоғи билан жанжаллашади.

Шу вақтда унинг икки нафар вояга етмаган фарзанди – 2014 йил туғилган Фарангиз ва 2016 йил туғилган Шоҳрух “онамни урманг”, деб онасининг ёнига келганида А. Болиев уйида турган белкуракни олиб, фарзандларининг бош қисмига бир маротабадан уради ва уларга ҳаёти учун хавфли оғир тан жароҳати етказади.

Олий суд матбуот хизматининг маълум қилишича, дастлаб суд мажлисида сўроқ қилинган судланувчи А. Болиев ва унинг ҳимоячиси эълон қилинган айбга қисман иқрорлик билдириб, ўзининг вояга етмаган фарзандларини қасддан белкурак билан урмаганлиги, жанжал вақтида белкурак бехосдан болаларига тегиб кетганлиги ҳақида кўрсатма берган.

Судланувчи А. Болиев ва ҳимоячисининг мазкур жиноят эҳтиётсизлик орқасида содир етилганлиги, унинг фарзандларига тан жароҳати етказишга қасди бўлмаганлиги тўғрисидаги важлари жавобгарликни енгиллаштириш мақсадида ўйлаб топилган деб ҳисобланиб, судланувчининг дастлабки тергов даврида берган – аввал ўғли Шоҳрухнинг бошига, кейин эса қизи Фарангизнинг ҳам бошига қўлида турган белкурак билан урганлиги ҳақидаги кўрсатмалари туфайли далиллар асосида суд тиббий экспертизасининг хулосалари билан тўлиқ рад этилди.

Шундай бўлса-да, якунда жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди раисининг ўринбосари Ш. Камолов судланувчи А. Болиевнинг ўз айбига иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлигини, турмуш ўртоғининг унга нисбатан давоси йўқлиги ва вояга етмаган икки фарзанди борлиги каби бошқа ҳолатларни эътиборга олиб, Жиноят кодекси тегишли моддалари билан беш йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Озодликдан маҳрум қилиш жазоси шартли ҳисобланиб, икки йил синов муддати белгиланди ва судланувчи А. Болиевга нисбатан қўлланилган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси бекор қилиниб, суд залида қамоқдан озод этилди.