Германияда янги ҳайдовчилик гувоҳномасини олган йигит 49 дақиқа ичида ундан маҳрум этилди

22.11.2018 | Жаҳон | 2548

Германиянинг Хермер шаҳрида истиқомат қилувчи 18 ёшли йигит янги олган ҳайдовчилик гувоҳномасидан орадан 49 дақиқа ўтиб маҳрум бўлди, дея хабар қилди BBC рус хизмати.

Йигит ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳонни муваффақиятли топшириб, ўз машинасида уйига қайтаётганида, белгиланган тезликни икки баробар оширгани учун полиция томонидан тўхтатилади.

Чекланган тезлик соатига 30 км этиб белгиланган йўлда ёш ҳайдовчи соатига 60 км тезликда ҳаракатланган.

«Боқий давом этувчи ва бир соат ҳам чўзилмайдиган нарсалар бор», — дейилади маҳаллий полиция бўлимининг мазкур ҳодиса муносабати билан билдирган расмий баёнотида.

Полиция маҳкамасининг аниқлик киритишича, машинада ёш ҳайдовчидан ташқари унинг тўрт нафар дўсти ҳам бўлган. Эҳтимол у ўз таассуротларини дўстлари билан баҳам кўрмоқчи бўлгандир, дея тахмин қилади полициячи.

Эндиликда ёш ҳайдовчини жиддий жазо чоралари кутмоқда. У ҳайдовчилик гувоҳномасини ҳайдовчилик курсидан қайта ўтганидан сўнг олиши мумкин. Бунинг учун эса аввал тўрт ой ўтиши талаб қилинади.

Йўл ҳаракати қоидалари бузувчиси 200 евро миқдорида жарима ҳам тўлайди, унинг бошловчи ҳайдовчи сифатидаги синов даври эса икки йилдан тўрт йилга узайтирилади. Суғурта қиймати ҳам оширилади.

Германия қонунчилигига мувофиқ, илк бор ҳайдовчилик гувоҳномасини олган фуқаролар учун икки йиллик синов даври белгиланади.